Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1200 дан ортиқ шартнома имзоланди

VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси якунланди

VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси якунланди

“Ўзэкспомарказ”да 19-21 май кунлари бўлиб ўтган ярмарканинг дастлабки натижаларига кўра, унда умумий қиймати 25 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 1200 дан зиёд шартнома имзоланди.

Таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш учун ўзига хос майдон бўлган ушбу анъанавий ярмарка инновацион фаолиятни кенгайтириш, ишлаб чиқариш корхоналари, биринчи навбатда, реал сектор тармоқларини янада модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлашга хизмат қилаётир.

Жорий йилги ярмарка вазирлик ва идоралар, банк сектори, иқтисодиётнинг барча тармоқлари корхоналари, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермер хўжаликлари, Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, алоҳида ихтирочиларни бирлаштирди. Унда саноат, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармакология, ахборот-коммуникация технологиялари, фан ва таълим соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилган қарийб 500 ишланма, инновацион ғоя ва лойиҳалар намойиш этилди.

– Биз машина ва трактор агрегатларини назорат қилишнинг автоматлаштирилган бортли микропроцессорли тизимини ишлаб чиқдик, – дейди Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетининг катта ўқитувчиси Ўткиржон Убайдуллаев. – Бу тизим мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган планшет компьютери базасида ишлайди ва хорижда ишлаб чиқарилган шундай маҳсулотларга нисбатан қатор афзалликларга эга. Ишланмалар «Тошкент трактор заводи» очиқ акциядорлик жамияти буюртмасига асосан олиб борилди ва шу боис бортли компьютерлар яқин вақт ичида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган замонавий тракторларга ўрнатилади.

Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси доирасида илк бор ташкил этилган Тошкент халқаро инновация форумида Ўзбекистон, АҚШ, Жанубий Корея, Япония, Германия, Франция, Греция, Россия, Арманистон ва бошқа мамлакатлардан олимлар ва мутахассислар иштирок этди. Форум иштирокчилари ривожланган давлатларнинг инновация тизимлари ва ушбу йўналишдаги тажрибалар, мамлакатимизда инновация фаолиятини ривожлантириш истиқболлари, инновацион иқтисодиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини оширишга доир долзарб масалаларни муҳокама этди.

Шу тариқа ярмарка амалий илм-фан ва иқтисодиётнинг реал сектори ўртасида йўлга қўйилган кооперация алоқаларининг яққол намунасига айланди ва иқтисодиётимизнинг барча тармоқларини инновацион ривожлантириш, мамлакатимизнинг илмий-техник ва ишлаб чиқариш салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиздир.