ЎзА Ўзбек

26.07.2018 01:32 Чоп этиш версияси

10 кунда бир ярим мингдан кўп ариза: Энг кўп мурожаат этганлар Хитой фуқаролари!

10 кунда бир ярим мингдан кўп ариза: Энг кўп мурожаат этганлар Хитой фуқаролари! 25 июль ҳолатига кўра Ўзбекистонга кириш электрон визасини олиш учун мурожаат қилган хориж фуқаролари сони 1555 нафарга етди. Бу ҳақида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.

Ўтган 10 кун ичида дунёнинг 41 давлатидан Ўзбекистонга кириш электрон визасини олиш учун мурожаат қилинган. Улардан 1095 кишига электрон визалар тақдим этилган. 460 мурожаат эса кўриб чиқилмоқда. Электрон виза сўраб мурожаат этганларнинг 1062 нафари эркак, 493 нафари аёллардир. Ҳеч кимга рад жавоби берилмади.

Ўзбекистонга энг кўп қизиқиш билдираётганлар сафида ҳамон Хитой фуқаролари етакчилик қилмоқда. E-VISA олиш учун мурожаат этган хитойликлар сони 295 нафарни ташкил этади. Иккинчи ўринда АҚШ фуқаролари бўлиб, улар томонидан 216 та сўровнома тўлдирилган. Шунингдек, Буюк Британия (176 нафар), Ҳиндистон (154) ва Франция (100) фуқаролари бу рўйхатда кўпчиликни ташкил этади. Ўтган хафтада Испания фуқароларидан тушган мурожаатлар сони ҳам сезиларли даражада ошган бўлиб, уларнинг сони ҳозирда 70 тага етди. 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 15 июлдан бошлаб E-VISA бериш жараёни бошланди ва хорижий фуқаролар юртимизга кириш визасини расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик идораларига мажбурий мурожаат этишлари бекор қилинди.

Н. Тошпўлатова, ЎзА
10 665