ЎзА Ўзбек

27.07.2018 11:24 Чоп этиш версияси

10 гектар ерни 400 литр сув билан суғориш мумкинми?

10 гектар ерни 400 литр сув билан суғориш мумкинми?
Навбаҳор туманидаги “New agro system” фермер хўжалиги буни уддалаётган экан. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари Навоий вилоятида бўлди.

Халқ вакиллари Қизилтепа, Кармана, Хатирчи ва Навбаҳор туманларида қишлоқ хўжалигида самарали иш олиб бораётган фермер хўжаликлари, томорқа ер эгалари фаолияти билан танишди. Аҳоли томорқаси ва деҳқон хўжаликлари ерларидан янада самарали фойдаланиш, сувни тежаш масалалари ўрганилди. 

– Бугунги жадал тараққиётнинг асосий омили замонавий технология ва инновациялар саналади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ф.Қувватов. – Шу боис мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойларда ўтказилаётган учрашувларда фермерларни янги-янги лойиҳалар устида ишлашга жалб этяпмиз. Зеро, илғор технологиялардан фойдаланиш самарадорлик ва истиқболни таъминлайди. 

4.jpg

Дарҳақиқат, Навбаҳор туманидаги “New agro system” фермер хўжалиги юртимизда пахтани томчилаб суғоришни биринчилардан бўлиб йўлга қўйди. Яқинда хўжаликка Исроил давлатидан зарур технологиялар келтириб ўрнатилди. Мазкур ускуналар 10 гектар ерни 400 литр сув билан суғориш имконини бермоқда. 

Хўжалик даласида депутатлар билан ўтказилган учрашувда туман ҳокимлиги вакиллари ҳам қатнашди. Хўжалик раҳбари Отабек Мансуровнинг фаолияти юқори баҳоланиб, унга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ташаккурномаси топширилди.

– Томчилаб суғориш қишлоқ хўжалигида сув ресурсларини тежашда муҳим аҳамиятга эга, – дейди фермер О.Мансуров. – Шунингдек, бу ишчи кучини тежаб, айниқса, пахтачиликда яхши самара беради. Соҳада кластер тизимининг йўлга қўйилгани имкониятларни янада кенгайтирмоқда. Биз ҳам қўшма корхона шаклидаги “Навбаҳор текстиль” масъулияти чеклангани жамияти билан тузилган шартнома асосида ушбу корхонанинг 20 минг долларлик маблағи эвазига четдан технология келтирдик. Бу орқали ғўза ўз вақтида бир меъёрда суғорилмоқда. Эгатларда намлик миқдорининг етарлича сақланиши пахтанинг баравж ривожланишини таъминлаяпти. Ўтган йили гектарига 45 центнердан ҳосил олган бўлсак, жорий йилда 60 центнерни мўлжаллаб турибмиз. Насиб этса, инновацион усул орқали бунга эришамиз ҳам. 

Мазкур тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш, пахтачиликда томчилаб суғоришдан кенг фойдаланишга келишиб олинди. 

Учрашувлар доирасида ҳар бир тумандан 5 нафардан бой тажрибага эга сувчиларга уй-рўзғор буюмлари топширилди. 

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат) ЎзА
11 900