ЎзА Ўзбек

18.01.2019 18:37 Чоп этиш версияси

1,5 мингга яқин тадбиркор қўшилган қиймат солиғи тўловчисига айланмоқда

1,5 мингга яқин тадбиркор қўшилган қиймат солиғи тўловчисига айланмоқда
Солиқ ислоҳотлари концепциясида кўзда тутилган ўзгаришларни амалиётга жорий этиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йил 24 декабрь куни имзоланган “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан амалдаги Солиқ кодексининг 111 та моддасига ўзгартиришлар киритилди, бир қатор солиқларининг амалдаги ставкалари пасайтирилди, айрим солиқ ва тўловлар бекор қилинди. Таъкидлаш жоиз, мазкур ўзгаришлар мамлакатимиз солиқ тизимида туб ўзгаришларни бошлаб берди.


Масалан, ягона 12 фоизли даромад солиғи жорий этилиши ҳамда 8 фоизли суғурта бадалининг бутунлай бекор қилиниши аҳоли реал даромадларини ортишига хизмат қилади.

Фарғона вилояти аҳолиси ҳисобида даромад солиғининг яхлитланиши натижасида 21,4 миллиард сўм, суғурта бадалининг бекор қилиниши натижасида эса 377,6 миллиард сўм қўшимча маблағ қолиши кутилмоқда.

Вилоятда 2019 йил солиқ концепциясини амалга ошириш, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни солиқ тўловчиларга тушунтириш ва уларга кўмаклашиш мақсадида вилоят, шаҳар ва туманларда ишчи гуруҳлари тузилди. 2019 йилдан бошлаб йиллик товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошиб, умумбелгиланган тартибда солиқлар, хусусан, қўшилган қиймат солиғи тўлаш тартибига ўтаётган 1,5 мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг ҳар 10 тасига бир нафар малакали солиқ ходими масъул этиб бириктирилди.

Эътиборли жиҳати, солиқ тизимидаги ўзгаришларни солиқ тўловчиларга батафсил етказиш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишлари нафақат марказда, турли мажлис биноларида эмас, балки тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатаётган жойларга чиқиб ҳам олиб борилмоқда, уларнинг янги ўзгаришларга муносабати, таклифлари ўрганилмоқда, қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилмоқда.

Ана шундай тарғибот тадбирлари Қувасой шаҳри ва Учкўприк туманида ҳам давом эттирилиб, у ерда фаолият юритувчи тадбиркорларнинг ҳузурига борган ҳолда олиб борилди, улар билан фикр алмашилди.

– Бизнинг корхонада 40 нафар қувасойлик ёшлар иш билан таъминланган, – дейди қувасойлик тадбиркор Аъзамжон Қосимов. – Дейлик, уларга ўтган йилги тартиб бўйича 1 миллион сўм маош берадиган бўлсак, солиқ юки ортиб кетарди. Бу эса ишчиларнинг эътирозига, баъзи ҳолларда нақд пулда “конверт” усулда ойлик беришни сўрашларига олиб келарди. 2019 йилдан жорий қилинган даромад солиғининг 12 фоизли ягона ставкаси, ягона ижтимоий тўловнинг 12 фоизгача туширилиши қатор енгилликларни яратиб беряпти. Бундай жараён ходимлар маошини кўтаришга, уларга кўпроқ ҳақ тўлашга шароит яратади. Бу ўз-ўзидан ишчини рағбатлантириш, қўшимча шароитлар яратиш, ишчининг ўз ишидан мамнун бўлишига олиб келади.

Учкўприк туманидаги трикотаж матосини бўяш ва гул босишга ихтисослашган “Doʻst Textile” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси, шифер ишлаб чиқарувчи “Dolina grand shifer”, автомобилларга газ қуйиш шохобчаси бўлган “Тош Энерго Газ” масъулияти чекланган жамиятига масъул ходимлар ташриф буюрди ва ўзгаришлар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Учкўприк туманида йиллик товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган 114 та юридик шахс умумбелгиланган солиқлар тўлаш тартибига ўтаётганлиги ҳудуддаги солиқ хизмати ходимлари зиммасига қўшимча масъулият юклайди. Сабаби, янги солиқ тўлаш тартибига ўтаётган тадбиркорлик субъектлари сони бошқа туманларга қараганда анча кўп, албатта, бундай ҳолат кенгроқ тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишларини олиб боришни тақозо этади.

Таъкидлаш жоиз, тумандаги аксарият корхоналар “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида жойлашган бўлиб, у ерда хорижий сармояларни жалб қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва шу орқали аҳоли фаровонлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

photo5911484684775305493.jpg


М. Сулаймонов, ЎзА
9 851