Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.11.2017 20:45 Чоп этиш версияси

“Ўзэкспомарказ”да 15 ноябрь куни “Марказий Осиё саноати халқаро кўргазмаси – 2017” очилди

“Ўзэкспомарказ”да 15 ноябрь куни “Марказий Осиё саноати халқаро кўргазмаси – 2017” очилди Форум доирасида “Тоғ-кон ускуналари, руда ва минералларни қазиб олиш ва бойитиш – Mining World Uzbekistan – 2017”, “Металлургия, машинасозлик ва дастгоҳлар – Machinery Central Asia – 2017”, “Транспорт ва логистика – Trans Uzbekistan/Trans Logistica – 2017” ва “Қўриқлаш, хавфсизлик ва ёнғинга қарши ҳимоя CAIPS/Securika Central Asia – 2017” халқаро кўргазмалари иш бошлади.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияcи ва ITE компаниялар гуруҳи томонидан ташкил этилди.

9.jpg

Форум очилишида мамлакатимиз саноат салоҳиятини юксалтириш, корхоналарни техник ва технологик янгилаш орқали юқори сифатли товар ва хизматлар ишлаб чиқариш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўз самарасини бераётгани таъкидланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида 2017-2021 йилларда мамлакатимиз саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Мазкур вазифалар ижроси доирасида қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар соҳага янги технология ва асбоб-ускуналарни жорий этиш, эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари самарадорлигини ошириш имконини бераётир. Марказий Осиё саноати халқаро кўргазмаси бу борада муҳим аҳамиятга эга. Чунки тадбир саноат корхоналари учун янги технологиялар ва хизматларни намойиш қилиш, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари билан хорижий ҳамкорлар ўртасида манфаатли алоқаларни ривожлантириш учун яхши имкониятдир.

15.jpg

Тоғ-кон ва металлургия саноати иқтисодиётимизнинг муҳим стратегик тармоқларидан. Мазкур соҳаларга ихтисослашган халқаро кўргазмаларда тоғ-кон саноати учун замонавий технологиялар, дастгоҳ ва ускуналар, металлургия, машинасозлик, қурилиш тармоқларига мўлжалланган майдалаш-саралаш, бурғулаш, пармалаш, металлга ишлов бериш ускуналари намойиш этилмоқда. Ушбу павильон машинасозлик заводлари, металлургия компаниялари ва иқтисодиётнинг бошқа реал сектори вакилларининг ўзаро мулоқоти учун платформа вазифасини ўтамоқда.

Кўргазмаларда Ўзбекистон, Австралия, Бельгия, Германия, Италия, Испания, Швейцария, Польша, Чехия, Дания, Хитой, Россия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Украина, Қозоғистон, Латвия каби мамлакатлардан 80 га яқин компания ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

26.jpg

Чехия Республикаси миллий стендида машинасозлик, энергетика ва оғир саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 9 компания қатнашаётгани мамлакатимизда ушбу давлат ишлаб чиқарувчилари билан манфаатли шериклик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.

– Ўзбекистон қимматбаҳо, рангли ва оғир металл қазиб олиш бўйича нафақат минтақада, балки дунёда етакчилардан ҳисобланади, – дейди Чехиянинг “Konrad Tools” компанияcи президенти Жан Конрад. – Корхонамиз тоғ-кон саноати учун пармаловчи ва бурғуловчи дастгоҳлар ишлаб чиқаради. Мақсадимиз келажакда Ўзбекистонда тоғ-кон саноати учун зарур ускуналарни тайёрлашни йўлга қўйишдан иборат. Мамлакатингизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар хорижий инвесторларга кўплаб имтиёзларни туҳфа этмоқда. Бу тармоқни янада ривожлантиришда айни муддаодир.

30.jpg

“Транспорт ва логистика – Trans Uzbekistan/Trans Logistica – 2017” XIV халқаро кўргазмасида махсус техника, транспорт ва логистика хизматларини ривожлантириш тенденциялари, соҳа вакилларининг Ўзбекистоннинг транспорт-логистика тармоғига бўлган қизиқиши ёрқин намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган мамлакат сифатида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо алоқаларида фаол иштирок этган. Президентимизнинг хорижий давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратаётган алоҳида эътибори транспорт-логистика йўналишлари очиш бўйича янги лойиҳаларни ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутмоқда. Ушбу кўргазма ўтган йиллар давомида логистика тармоғининг маҳаллий ва хорижий иштирокчиларини бирлаштириб, Ўзбекистоннинг геостратегик жойлашуви ҳамда ривожланган транспорт коммуникация тизимларини кенг намойиш этишнинг қулай воситасига айланди.

31.jpg

Бу галги кўргазмада ўн икки мамлакатдан 40 компания вакиллари қатнашмоқда. Улар томонидан йўл қурилиши, халқаро транспорт йўналишларининг кенг турлари – ҳаво, сув, қуруқлик орқали юк ташиш борасидаги хизматлар таклиф этилмоқда.

Кўргазмада “ACSC Logistics” ва “Trans Torg” (Озарбайжон), “R Group” (Беларусь), SIA“Inflot” (Латвия), “Ecofrigo” (Туркия), “Man Logistic Service” ҳамда “TM Trans LP” (Ўзбекистон) каби компаниялар илк бор қатнашмоқда. Транспорт-логистика хизматлари ва йўловчиларни ташиш борасида Марказий Осиёда катта салоҳиятга эга “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг МДҲ, Европа ва Осиё давлатлари билан халқаро ва маҳаллий темир йўл ташувлари бўйича таклиф этаётган хизматлари қатнашчилар эътиборини тортмоқда.

– Мамлакатимизнинг йўловчи ва юк ташиш бўйича имкониятлари тобора ортиб бормоқда, – дейди “Ўзтемирйўлконтейнер” акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Жавлон Файзиев. – Темир йўл тармоғи кенгайтирилгани ва амалга оширилган ислоҳотлар натижасида жаҳоннинг кўплаб давлатларига қўшма логистикани амалга ошириш имконига эгамиз. Бу мижозлар учун қўшимча қулайликлар яратмоқда. Кўргазмада транспорт-логистика, омбор мажмуалари ва терминаллардан фойдаланиш хизматлари намойиш этилмоқда.

Кўргазманинг яна бир иштирокчиси – Россиянинг Горький номидаги автозаводидир. Энг йирик юк ва махсус транспорт ишлаб чиқарувчиларидан бўлган ушбу завод кенг турдаги автомобиль ва транспорт воситаларини тақдим этмоқда. Доимий иштирокчилар орасида транспорт машинасозлиги бозорида етакчилар қаторида эътироф этиладиган “Трансмашхолдинг” (Россия) ва нефть-газ тармоғида логистик хизматлар кўрсатувчи “Petroleum” (Қозоғистон) компанияларини келтириш мумкин.

Қўриқлаш, хавфсизлик ва ёнғинга қарши ҳимоя хизматларига бағишланган IX халқаро кўргазма хавфсизлик, қўриқлаш ва ёнғинга қарши ҳимоя воситалари ишлаб чиқарувчиларини ўз атрофига бирлаштирди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётир. Мазкур жараёнда хавфсизлик ва осойишталикни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 августдаги қарори билан қабул қилинган “Хавфсиз шаҳар” ягона аппарат-дастурий таъминот мажмуаси соҳадаги имкониятларни янада кенгайтиради. “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси ички ишлар идоралари, давлат органлари ва муассасаларнинг ахборот ва видеокузатув тизимлари, қўриқлаш иншоотлари каби қатор йўналишларда олиб бориладиган ишларни назарда тутади.

“CAIPS/Securika Central Asia – 2017” кўргазмасида иштирокчилар замонавий ягона хавфсизлик тизими, давлат ва саноат иншоотларини қўриқлаш, ишлаб чиқаришда хавфсиз шароитлар, турар жой ва фуқароларнинг шахсий мулкини қўриқлаш, ёнғин ва табиий офатларнинг олдини олишнинг қулай восита ва тизимлари билан яқиндан танишмоқда.

– Тинчлик ва хотиржамлик бор жойда ривожланиш, тараққиёт бўлади, – дейди “Nihon” компанияси менежери Бепа Сонг (Хитой). – Фуқаролар ҳам, ишлаб чиқарувчилар ҳам шундай шароитларда яшашни, фаолият юритишни истайди. Ўзбекистонда тинчлик-тотувлик ҳукмронлиги хорижий сармоядорларни жалб этадиган муҳим жиҳатлардан биридир. Компаниямиз видеокузатув ускуналари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бу ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳудудни 24 соат давомида назорат қилиш имконини беради. Мамлакатингизда ушбу соҳалар ҳам жадал ривожланиб бораётгани боис иштирокимиз истиқболли бўлишига ишонамиз.

Кўргазмалар доирасида тақдимот маросимлари, давра суҳбатлари, иштирокчилар ва мутахассислар ўртасида музокаралар ўтказилмоқда.

Улуғбек Шоназаров, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА
4 438






Все о погоде - Pogoda.uz