ЎзА Ўзбек

03.08.2020 Чоп этиш версияси

“Ўзбекнефтгаз”: Пропан-бутан ажратиб олиш бўйича амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишлари ўрганилди

“Ўзбекнефтгаз”: Пропан-бутан ажратиб олиш бўйича амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишлари ўрганилди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев “Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш” бошқармасида бўлиб, пандемия даврида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди, деб маълум қилди ушбу АЖ матбуот хизмати.

Ўрганиш жараёнида қўшимча 61 минг тоннагача суюлтирилган газ ишлаб чиқариш кўзда тутилган “Пропан-бутан ажратиб олиш 1-, 2- ва 5-қурилмаларини модернизация қилиш” инвестиция лойиҳаси бўйича олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Лойиҳа доирасида пропан-бутан аралашмаси ажратиб олиш қурилмаларига узатиладиган хомашё гази босимини оширишга қаратилган битта янги газ ҳайдаш агрегати, газ ҳайдаш агрегатига кириш газини механик аралашмалардан тозалаш учун 3 та фильтр-сепараторнинг ишлаш ҳолати ҳам ўрганилди. Унда газ ҳайдаш агрегатларидан чиқиш газини совитишга мўлжалланган 27 та ҳаво ёрдамида совитиш ускуналари, хомашё гази таркибидан суюқ углеводородлар ажратиб олиш сифатини яхшилашда мавжуд сепараторлар ўрнига ўрнатилиши кераклиги таъкидланди.

Айни чоғда сепараторлар ва технологик тармоқларнинг қурилиш-монтаж ишлари тугатилган. Бу ерда амалга оширилаётган ишларни ўрганишда Ø1020 миллиметрли 703 метр газ ҳайдаш агрегатларига узатиш қувури, 900 метр эса қайтиш қувури ва 300 метр узунликда машъала қувурларидаги ҳолат ҳам таҳлил этилди.

Танишув якунида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси томонидан “Шўртан” конидаги “Шўртан кони газини тайёрлаш ва транспортировка қилиш учун йиғиш тизими” ишчи лойиҳасига асосан бажарилаётган ишлар юзасидан вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.

6 764
ЎзА