«Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» белгиси остидаги маҳсулотлар кўпаймоқда
Мамлакатимизда яратилган қулай бизнес муҳити самарасида турли соҳаларда, жумладан, тери хомашёсини тайёрлаш ва уни қайта ишлаш, рақобатдош пойабзал ҳамда чарм-атторлик моллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган кўплаб тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилди.
Мамлакатимизда яратилган қулай бизнес муҳити самарасида турли соҳаларда, жумладан, тери хомашёсини тайёрлаш ва уни қайта ишлаш, рақобатдош пойабзал ҳамда чарм-атторлик моллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган кўплаб тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилди.Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 15 сентябрдаги “2016-2020 йиллар даврида чарм-пойабзал саноатини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида “Excel” савдо белгиси остида тайёрланаётган пойабзаллар сифати ва бежиримлиги билан харидорлар эътиборига тушаётгани бунга мисол бўлади.
Харидор пойабзал сотиб олар экан, аввало, у қандай хомашёдан тайёрлангани, сифати билан қизиқади. Агар у асл чармдан тикилган бўлса, иккиланмай харид қилади. Чунки яхши кўндан тайёрланган оёқ кийими бежирим, чидамли бўлади.
«Excellent Еast» масъулияти чекланган жамияти ана шундай сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштирган корхоналардан бири.
– Эркаклар учун тўрт мавсумга мўлжалланган пойабзал ишлаб чиқармоқдамиз, – дейди корхона директори Фазлиддин Мухторхўжаев. – Маҳсулотларимизнинг бичими, дизайни замон талабларига тўлиқ жавоб беради. Зарур хомашёни маҳаллий ишбилармонлардан олмоқдамиз. Ўтган йили 3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқардик. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда беш миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш кутилмоқда. Уларнинг ярмидан кўпини экспорт қиламиз.
Корхона бир йилда 200 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотлар Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари каби ўнга яқин давлатга экспорт қилинмоқда.
«Excellent Еast» масъулияти чекланган жамиятида олтмишдан ортиқ мутахассис меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти коллеж битирувчиларидир.