ЎзА Ўзбек

08.08.2019 08:38 Чоп этиш версияси

«Ўзагросуғурта» АЖ мамлакатимизда суғурта бозорини ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошламоқда

«Ўзагросуғурта» АЖ мамлакатимизда суғурта бозорини ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошламоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 10 июль куни мамлакатда суғурта хизматлари бозорини жадал ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда соҳанинг бугунги ҳолати таҳлил қилиниб, келгусидаги устувор йўналишлари белгилаб берилган эди.

Жорий йилнинг 5 август куни «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамиятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳамда унинг ижросини таъминлашда «Ўзагросуғурта» АЖнинг олдида турган устувор вазифалар муҳокама этилди.

Қарорга мувофиқ, суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Суғурталовчиларнинг устав капитали минимал миқдорлари 2020 — 2022 йилларда босқичма-босқич оширилади, даромадларнинг 20 фоизигача миқдоридаги ажратмалар ҳисобига шакллантириладиган суғурта ташкилоти захира жамғармасининг чекланган миқдори суғурта ташкилоти устав фондининг 50 фоизигача оширилади. Шунингдек, суғуртанинг айрим турлари бўйича электрон полисларни («Е-полис») расмийлаштириш механизми жорий этилади. 

Бундан ташқари, 2020 йил 1 январдан, юридик шахслар – суғурта брокерлари ва суғурта агентлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси комиссия мукофотининг 13 фоизи миқдорида белгиланади, суғурта ташкилотининг бошқа суғурта ташкилотлари устав фондларида иштирок этишига йўл қўйилмайди, суғурта захираларининг минимал даражаси белгиланади.

Шунингдек, жисмоний шахслар даромадларининг ҳаётни суғурталаш бўйича суғурта мукофотларини тўлаш учун йўналтириладиган қисми юзасидан солиқ имтиёзлари қуйидаги шартларда қўлланилади:

– суғурта суммаси шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан камида 12 ойдан сўнг бир йўла тўланганда;
– рента тўлаш шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан камида 12 ойдан сўнг бошланганда;
– рентани тўлаш шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан 12 ой ўтмасдан бошланганда.

2020/2021 ўқув йилидан олий таълим муассасаларининг «Суғурта иши» таълим йўналиши бўйича сиртқи ва кечки бўлимларга тест синовлари ўтказилмасдан, белгиланган қабул квоталаридан ташқари пулли-контракт асосида қабул қилиш тартиби жорий этилади. 

Қарор билан Молия вазирлиги ҳузурида Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланди.

«Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти ўтган даврдаги фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори ижросини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқди.

«Ўзагросуғурта» АЖда 2018 йил бўйича мажбурий суғурта мукофоти тушумлари миқдори 263,5 миллиард сўмни, ихтиёрий суғурта эса 1 миллиард 371,3 миллион ташкил этган. Мазкур кўрсаткич 2019 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилга нисбатан 155 фоиз ошганлиги кузатилди.

Таъкидлаш жоизки, «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти бугунги кунда 150 га яқин суғурта хизмат тури бўйича суғурта бозорида фаол иштирок этиб келмоқда.

ЎзА
2 778