Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда

Гулистон шаҳри аҳолиси Сирдарёнинг чап қирғоғидаги “Деҳқонобод” минтақалараро сув узатиш станцияси ва қисман Шимолий ва Жанубий ерости манбаларидан олинаётган ичимлик суви билан таъминланади.

Гулистон шаҳри аҳолиси Сирдарёнинг чап қирғоғидаги “Деҳқонобод” минтақалараро сув узатиш станцияси ва қисман Шимолий ва Жанубий ерости манбаларидан олинаётган ичимлик суви билан таъминланади. Бу иншоотлар суткасига 30 минг куб метр тоза ичимлик суви етказиб бериш қувватига эга. Бироқ 30 километр масофадан сув етказиб берувчи “Деҳқонобод” станцияси таъмирталаб ҳолга келиб, 22 ерости қудуғининг 7 таси ишламай қолгани оқибатида шаҳар аҳолисининг сувга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиришда муаммолар юзага келаётган эди.

Бундан ташқари, фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган узатиш қувурларининг кўп қисми яроқсиз ҳолга келгани боис ичимлик сувининг бир қисми истеъмолчиларгача етиб бормасди. Уй-жойлар ертўласини сизот суви босиши шундай ҳам азият чекаётган аҳолига қўшимча ташвиш туғдирарди.

Президентимизнинг 2015 йил 9 мартдаги «2015-2019 йилларда Гулистон шаҳрида дренаж тизимини янада такомиллаштириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер ости сув сатҳини камайтириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги фармойиши бу борадаги муаммоларни бартараф этишда муҳим дастуриламал бўлди.

Мазкур ҳужжат асосида лойиҳалаштирилган шаҳарнинг бош режасига мувофиқ аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш тубдан яхшиланди.

– Ерости суви кўтарилиб кетиши сув узатиш қувурларининг тез ишдан чиқишига, таъмирлаш ишларини бажаришда жиддий қийинчиликларга сабаб бўлаётган эди, – дейди Сирдарё вилояти “Сувоқова” корхонаси раҳбари Юнус Жалолов. – Президентимизнинг Гулистон шаҳрини қайта қуриш борасидаги ғамхўрлиги туфайли сув таъминотидаги муаммоларга барҳам берилаётир. Шаҳарнинг бош режаси асосида муҳандислик-коммуникация тармоқлари, жумладан, ичимлик суви иншоотлари қурилиши амалга оширилмоқда.

Иншоотларни қуришдан аввал ерости муҳандислик-коммуникация тармоқларини барпо этиш зарурати сув узатиш тармоқларини ишга туширишни тезлаштиришни тақозо этмоқда. Турар-жой ва бошқа иншоотлар, кўча ва йўллар қурилишини режа асосида белгиланган муддатда битириш ҳам ерости ишларининг бажарилишига боғлиқ. Шунинг учун сув қурилиши иншоотларида иш икки сменада ташкил этилган.

Шаҳарнинг бош режасига мувофиқ, Шимолий сув тўплаш иншоотини реконструкция қилиш, “Деҳқонобод” сув тўплаш иншоотидан Шимолий сув тўплаш иншоотига 38 километр узунликда янги узатиш қувури тортиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Яроқсиз ҳолга келган 130 километрли сув узатиш тармоғини янгилаш, 55 километр янги узатиш тармоғи қуриш, сув тўплаш иншоотларини реконструкция қилиш, эскирган насос ва уларнинг қисмларини алмаштириш белгиланган муддатларда бажарилаётир.

Ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳамда канализация тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича 2015 йилда 4,6 километр узунликдаги ичимлик суви тармоқлари қурилиши амалга оширилди. Мустақиллик кўчасида 2 километр, Хондамир кўчасидаги 0,6 километрлик сув узатиш тармоқларидаги қурилиш ишлари якунланди. Янгидан қуриш ва реконструкция ишлари режалаштирилган 12,2 километрлик канализация қувурлари алмаштирилаётир.

– Президентимиз ташаббуси билан шаҳримиз қайта қурилаётганидан жуда хурсандмиз, – дейди гулистонлик Роза Ботирова. – Шу чоққача ерости сувининг кўтарилишидан ҳовлию уйларимиз ертўласи кўл бўлиб кетарди. Қишда зах, ёзда пашша-чивиндан роса қийналардик. Юртбошимизнинг аҳоли манфаатини кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати туфайли бугун бу қийинчиликлар барчаси ортда қолди. Уйлармиздан зах кетди, иссиқда пашша-чивин ҳам бўлмайди. Замонавий турмуш кечириш учун барча шароит яратилмоқда.

Эзгу мақсад йўлида қилинаётган хайрли ишларнинг дастлабки самаралари бу. Бундай олижаноб ишлар изчил давом эттирилмоқда.