ЎзА Ўзбек

20.05.2020 Чоп этиш версияси

ҚҚС қайтарилиши корхоналарга кўмак бўлмоқда

ҚҚС қайтарилиши корхоналарга кўмак бўлмоқда

Коронавирус пандемияси карантини даврида ишлаб чиқариш қуввати камайиб кетган Жиззахдаги “Jizzax Toshtepa textile”га қўшимча қиймат солиғи қайтирилиши корхона фаолиятини тиклашда катта молиявий мадад бўлди.

“Жиззах” эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси бўлган ушбу экспортёр корхонанинг асосий буюртмачиси бўлган Россия Федерацияси томонидан маҳсулотга буюртма вақтинча тўхтатилиши даромад камайишига олиб келди.

Жорий йил бошидан экспортёр корхонага қўшилган қиймат солиғи ойма-ой қайтарилиши бу қийинчиликни бартараф этишда муҳим омил бўлди. Ҳар ой якуни билан 800 миллион сўм қайтарилган ҚҚС корхонанинг иш ўринларини кўпайтириш ва ишлаб чиқариш қувватини кенгайтиришга сарфланмоқда.

Натижада май ойидан бошлаб корхонанинг 1 минг 300 нафар ишчиси яна иш ўрнига қайтди. Айни пайтда корхонада ишлаб чиқариш жараёни карантин қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда давом этаётир.

Ишлаб чиқариш қайта йўлга қўйилиши туфайли корхона Россиядаги ҳамкорларига шартномада кўрсатилган тайёр маҳсулотнинг бир қисмини жўнатди. Бундан ташқари, корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг бир қисми Сардоба сув тошқинидан зарар кўрган аҳолига хайрия қилинди.

Вилоят солиқ органлари давлатимиз томонидан тўловлар бўйича белгиланган енгилликларни амалиётга изчил татбиқ этаётгани карантин даврида корхоналарни иқтисодий қийинчиликдан чиқаришда катта имконият бўлаётир. Масалан, ушбу енгиллик қўлланилган Жиззах шаҳридаги “Zarista tex” корхонасига янги тикув дастгоҳлари ўрнатилиб, қўшимча 100 та иш ўрни яратилди. Матога гул босиш учун мўлжалланган ротацион машина харид қилинди. Бу дастгоҳ республикамиздаги саноқли текстиль корхоналарида мавжуд.

Вилоятда пандемия карантин даврида фаолияти вақтинча тўхтатилган ўнлаб корхоналар қайта ишга тушишида солиқ тўловлари бўйича қўлланилаётган енгилликлар муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бироқ бу корхоналарга берилган бу енгиллик бюджет тушумининг камайишига олиб келиши табиий. Давлат солиқ органлари йўқотилган тушум ўрнини бошқа манбалар, масалан, хусусий сектордаги кўплаб иш ўринларини легаллаштириш ҳисобидан қоплаш чораларини кўрмоқда. Кўрилган чора-тадбирларнинг самараси туфайли вилоятда биринчи чоракда бюджетга тушумлар ошиғи билан бажарилди.

5 587
Т. БЕКНАЗАРОВ, ЎзА