Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.08.2017 19:36 Чоп этиш версияси

Қўқондан Андижонга электропоезд қатнай бошлади

Энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида 8 август куни Қўқон, Марғилон ва Андижон шаҳарлари ўртасида электропоезд қатнови йўлга қўйилди.

Мамлакатимизда темир йўл транспортини изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, тизимда кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда, йўловчи ва юк ташиш ҳажми ортмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ жорий йилдан бошлаб август ойининг биринчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни” деб эълон қилингани ҳам соҳага бўлган юксак эътиборнинг амалдаги ифодаси бўлди.

Мамлакатимиз темир йўл тармоғини модернизация қилиш, аҳолига қулай, арзон ва хавфсиз транспорт хизмати кўрсатиш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Фарғона водийсининг йирик шаҳарлари ўртасида электричкалар ҳаракати йўлга қўйилгани бу борадаги муҳим қадамлардан бўлди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида Қўқон, Марғилон ва Андижон шаҳарлари ўртасида электричка қатновини йўлга қўйиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берган эди. Ўтган қисқа муддатда Қўқон шаҳридан Андижон шаҳригача электропоезд қатновини йўлга қўйиш бўйича дастур тузилди. Бу жараёнда йўллар мустаҳкамланди, электр таъминоти масаласи ҳал қилинди.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан ушбу йўналишлар учун 5 электричка модернизация қилинди. Натижада транспорт воситаларининг ташқи ва ички қиёфаси бутунлай ўзгарди. Вагонларга кондиционер, замонавий ўриндиқлар ўрнатилди. Хориждан яна 10 электропоезд келтириш режалаштирилган. Ҳар бир электричка 6 вагондан иборат.

Қайд этилишича, биринчи синов муддатида қатнайдиган поездлар енгил автомобилга нисбатан 40 дақиқа тезроқ манзилга етиб бормоқда. Поезд соатига 120 километр тезликда ҳаракатланади. Бағдод, Олтиариқ тумани, Марғилон шаҳри, Қува тумани ва Асака шаҳрига тўхтаб ўтади.

– Шаҳарларимиз орасида замонавий электропоезд қатнови йўлга қўйилгани мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрамига ажойиб совға бўлди, – дейди Қўқон шаҳридан Ёрқинжон ота Қаюмов. – Халқимизга катта имкониятлар яратилди, узоғи яқин бўлди. Энди ортиқча оворагарчиликлар бўлмайди. Бу инсон манфаатларини таъминлашга бўлган юксак эътибор намунасидир. Биз, қўқонлик кексалар поездда Марғилон ва Андижон шаҳарларига бориб, ўзгаришларни ўз кўзимиз билан кўриш, зиёрат қилишни ният қилдик.

Электропоезд қатнови йўлга қўйилиши муносабати билан Қўқон темир йўл вокзалида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар ушбу янги темир йўл йўналиши халқимизнинг турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 852






Все о погоде - Pogoda.uz