ЎзА Ўзбек

14.08.2019 17:59 Чоп этиш версияси

“Қишлоқ қурилиш банк“: Муаммолар жойида бартараф этилди

“Қишлоқ қурилиш банк“: Муаммолар жойида бартараф этилди

АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” бошқаруви раиси ўринбосари Алишер Муродов Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида сайёр қабул ўтказди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 2 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида тижорат банкларига юклатилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида сайёр қабул ташкил этилди. Унда мазкур банк мижозлари ва вилоятнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирок этди.

Сайёр учрашувларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида жамиятимизда тадбиркорларга бўлган эътибор ва муносабат тубдан ўзгаргани, бунинг натижасида кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари иқтисодиётимизнинг таянчига айлангани таъкидланди.

photo5377357582567582375.jpg

АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Самарқанд минтақавий филиали вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган бизнес-лойиҳаларни кредитлаш жараёнида фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 1 август ҳолатида банкнинг жами кредит портфели қолдиғи 788 миллиард 134 миллион 200 минг сўмни ташкил этади. Шундан, 300 га яқин кичик бизнес субъектларига ажратилган кредитлар 196 миллиард 297 миллион 200 минг сўм бўлса, намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойлар учун берилган кредитлар 531 миллиард 722 миллион 200 минг сўмга тенг.

photo5377357582567582379.jpg

Очиқ мулоқот тарзида ўтган сайёр қабуллар давомида тадбиркорлар ўз фаолиятига ҳалал бераётган қатор муаммоларни ўртага ташлаб, кўплаб таклифларни билдирди. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган бизнес-лойиҳаларни кредитлаш муҳокамалар марказида бўлди. Экспорт қилувчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Сайёр учрашувларда тадбиркорлар билан бу борадаги ишларни жадаллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

photo5377740758074895341.jpg

“Қишлоқ қурилиш банк” Бошқаруви раҳбарияти томонидан тадбиркорлар кўтарган масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Қатор тадбиркорларнинг мурожаатлари сайёр учрашувнинг ўзида ечимини топди. Мисол учун, тадбиркор Бахтиёр Нарзиқуловнинг 300 миллион сўм кредит сўраб қилган мурожаати жойида ижобий ҳал қилинди. Қосимжон Қаршиев ҳам 10 йилдан буён мазкур банкнинг мижози ҳисобланади. Шу пайтга қадар у “Қишлоқ қурилиш банк”дан бир неча маротаба кредит олиб ўз вақтида қайтариб келмоқда. Лекин, уни ҳар сафар гаровни янгилаш масаласи қийнаб келаётган эди. Тадбиркорнинг бу борада қилган мурожаати ҳам яқин кунларда ечимини топадиган бўлди.

“Қишлоқ қурилиш банк” вакиллари вилоятдаги қатор кичик бизнес субъектлари фаолияти билан жойига чиқиб танишишди. Мулоқотларда тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш қувватларини технологик янгилаш, экспортни оширишга ва қўшимча иш ўринлари ташкил этишга қаратилган бизнес лойиҳалари учун кредитлар ажратишга келишилди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, ЎзА
4 209