ЎзА Ўзбек

11.09.2020 Чоп этиш версияси

​​Фарғонада суюлтирилган газ етказиб бериш ҳажми 48 фоизга кўпаяди

​​Фарғонада суюлтирилган газ етказиб бериш ҳажми 48 фоизга кўпаяди

Энергетика вазирлигининг махсус штаби Фарғона вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганмоқда. Аҳолидан мавсумда табиий ва суюлтирилган газ таъминоти борасида кўп эътирозлар кузатилади. Хўш, жорий йилда мазкур муаммолар ўз ечимини топадими?

Ишчи гуруҳ истеъмолчиларга етказиб берилаётган табиий ва суюлтирилган газ таъминоти ҳолати билан танишди. Бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

– Суюлтирилган газ истеъмолчиларига газ баллонларини ўз вақтида ва сифатли етказиб бериш лозим. Бу борада газ баллон ускуналарини маҳаллийлаштириш ишларини бошлаш керак. Бунинг натижасида газ баллон захираларини янада кўпайтиришга, бу эса истеъмолчиларга газ баллонларини ўз вақтида ҳамда узлуксиз етказиб берилишига хизмат қилади, – деди Энергетика вазири, штаб бошлиғи Алишер Султонов.

Вилоят истеъмолчиларига 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумида жами 1717,2 миллион куб метр табиий газ етказиб берилади. Бу ўтган мавсумга нисбатан 241.5 миллион куб метрга ёки 16,4 фоизга кўп.

Фарғонада табиий газ истеъмолчилари сони 320 минг 362 та бўлиб, шундан 3 минг 571 та юридик ва 316 минг 791 та жисмоний истеъмолчи (хонадон) мавжуд. 

photo_2020-09-11_08-41-04.jpg

Вилоятда истеъмолчиларни табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш учун узунлиги 7 135,2 километр бўлган газ қувурлари ва 8 367 та газ тақсимлаш пунктларидан фойдаланилади. Истеъмолчиларга янада сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида вилоятда жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб 20 та махсус техника ва 80 нафар ходимлардан иборат 20 та бригада фаолият юрита бошлайди.

Шунингдек, вилоят истеъмолчиларига 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумида жами 54 минг 751 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган. Бу ўтган мавсумга нисбатан 17 минг 894,5 тоннага ёки 48,6 фоизга кўп. Истеъмолчиларга 21 та вагон цистерна, 18 та авто цистерна ва 93 та ISUZU русумли махсус автотранспортларда суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.

4 845
М.Сулаймонов, ЎзА