Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Норматив ҳужжатлар

Ўзбекистон ахборот агентлиги (ЎзТАГ)ни - Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га айлантириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзA) тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг Қарори


Ўзбекистон ахборот агентлиги (ЎзТАГ)ни - Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га айлантириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони


“Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида” ва “Оммавий ахборот воситалари ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Ахборот агентлигини қайта ташкил этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Ахборот агентлиги (ЎзТАГ) - Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га айлантирилсин.

2. ЎзА агентлиги Ўзбекистон Ахборот агентлигининг тўла ҳуқуқли вориси деб ҳисоблансин ҳамда унинг фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари:

- мустақил Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жумҳурият ички ва ташқи сиёсати, давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг фаолияти ҳақидаги ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлаш;

- Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий баёнотлари ва ахборотларини тарқатиш;

- мустақил давлатларнинг, хорижий мамлакатларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари, оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Республикасининг ички ҳамда ташқи сиёсатига доир, минтақага хос ижтимоий-сиёсий ва бошқа воқеалар хусусида ахборот материаллари бериш;

- Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини оғишмай амалга ошира бориб, жумҳурият иқтисодий, ижтимоий, маданий турмушидаги воқеаларни ҳаққоний ва ошкора ёритиш, республика аҳолисини бир-бирларига нисбатан тенг ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш, халқлар ўртасида тотувлик, дўстлик ва тинчликни мустаҳкамлаш руҳида тарбиялаш;

- мустақил давлатлар ва хорижий мамлакатларда ўзининг ахборот марказларини, мухбирлар манзилгоҳларини ташкил этиш, хорижий агентликлар ҳамда бошқа оммавий ахборот воситалари билан битимлар тузиш асосида барча турдаги ахборотларни тўплаш ва тарқатиш масалалари юзасидан халқаро алоқаларни йўлга қўйишдан иборат қилиб белгилансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддат ичида ушбу Фармонни бажариш юзасидан тегишли қарор қабул қилсин.

Ўзбекистон Республикасининг
Президенти И. Каримов

Тошкент ш., 1992 йил 5 февраль 


Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзA) тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг Қарори


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон ахборот агентлиги (ЎзТАГ)ни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га айлантириш тўғрисида” 1992 йил 5 февралдаги Фармонига мувофиқ ҳамда республиканинг ички ва ташқи сиёсати тўғрисида ишончли ахборотларни тўплаш ва таъминлашни ташкил этишни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Юклатилган вазифаларга мувофиқ Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

моддий-техника негизини мустаҳкамлаш ва ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун бюджетдан ташқари молиявий манбаларнинг маблағларидан мустақил фойдаланиш;

шартномалар юзасидан буюртмачиларга сотиладиган ахборот маҳсулоти (ишлар, хизматлар) нархлари ва тарифларини белгилаш;

раҳбарларни, ижодий ходимларни, юқори малакали мутахассислар ва хизматчиларни битим асосида ишга ёллаш;

ахборот маҳсулотини, тегишли техника ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш, сотиш ва айирбошлаш, реклама хизмати ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатиш юзасидан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш.

2. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) тўғрисидаги илова этилаётган Низом тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги марказий аппарати ходимларининг энг кўп сони, хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари, 150 кишидан иборат қилиб белгилансин.

Белгилаб қўйилсинки, ЎзА меҳнат ҳақи учун ажратиладиган маблағлар доирасида аппарат тузилишини, моддий рағбатлантириш шакллари ва шартларини (турли тоифадаги ходимлар сони нисбатини ҳисобга олмасдан) мустақил равишда тасдиқлайди.

ЎзА бош директорининг уч нафар ўринбосари, жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари ва 9 кишидан иборат ҳайъат бўлишига рухсат берилсин, унинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

ЎзА бош директорига, унинг ўринбосарларига ва ҳайъат аъзоларига Ўзбекистон Республикаси вазирлари, уларнинг ўринбосарлари ва ҳайъат аъзолари учун мос равишда белгиланган моддий таъминот, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитлари жорий қилинсин.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги белгиланган асосий вазифалардан ва фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда бир ой муддат ичида агентликни бошқаришнинг ташкилий тузилишини такомиллаштириш, республикада, МДҲ давлатларида ва чет элларда мухбирлик пунктлари шохобчаларини кенгайтириш юзасидан тадбирларни амалга оширсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги:

чекланган нархлар ва тарифларда хизмат ҳақи тўлаш шарти билан ЎзАга, унинг бўлинмаларига ва мухбирлик пунктларига шартнома асосида зарур алоқа каналлари ва воситаларини берсин;

ЎзА ҳамда унга қарашли ташкилотларнинг хабарлари ва фототелеграммаларини Ҳукумат телеграммалари тоифасида узатишни, телефон сўзлашувларини эса иккинчи тоифа тезкорликда улашни таъминласин.

6. “Ўзшартномасавдо” уюшмаси асосланган буюртмаларга кўра Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига зарур моддий-техника ресурслари, асбоб-ускуналар ва жиҳозлар ажратишни назарда тутсин.

7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистоннинг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитаси, “Тошкентбошқурилиш” ЎзА лаборатория корпусининг иккинчи навбати қурилишини тугаллашни кўриб чиқсинлар ва икки ҳафта муддат ичида белгиланган тартибда таклиф киритсинлар.

8. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1972 йил 13 апрелдаги 155-сон, 1977 йил 22 декабрдаги 804-сон, 1981 йил 15 июндаги 507-сон, 1986 йил 9 апрелдаги 181-сон қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ўртоқ Э.С. Самандаров зиммасига юклатилсин.

Вазирлар Маҳкамасининг
Раиси И. Каримов

Тошкент ш., 1992 йил 21 апрель